Шаҳрисабз кулолчилик мактаби усталари қуёш ва олов рангдан самарали фойдаланади. Шу боис Европада бу услубга «Оташин кулолчилик» дея таъриф берилган, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ташкил этилган кўргазмада ана шундай кулолчилик буюмларининг 300 дан ортиғи намойишга қўйилди.
"Шаҳрисабз кулолчилиги: анъана ва инновация" номли намойиш ёш ҳунарманд Рустам Музаффаровнинг шахсий кўргазмаси бўлиб, ундан аждодлари Аҳад ва Зайниддин Музаффаровларнинг асарлари ҳам ўрин олган.
Рустам Музаффаров шаҳрисабзлик моҳир кулолчилар сулоласининг еттинчи вакилидир. У 2014 йилда ЮНЕСКОнинг «Бутунжаҳон сифат белгиси»ни қўлга киритди. Кўпгина халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келаётган ёш ва маҳоратли ҳунарманднинг ижод намуналари Франция, АҚШ, Россия, Япония каби қатор мамлакатлар галереяларида сақланади. Ижодий устахонаси дунё маданий обидалари рўйхатига киритилган.
Кўргазма 15 сентябрга қадар давом этади.
Изоҳ (0)