Мустақилликнинг 27 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Саломатликни тарғиб қилиш кунлари»ни ўтказиш тўғрисидаги қарори асосида Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туман марказий поликлиникаларида чуқурлаштирилган тиббий кўрик, истироҳат боғларида соғлом турмуш тарзи тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
«Саломатликни тарғибот қилиш кунлари»ни юқори савияда ўтказиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидан 10 та ихтисослик бўйича профессор ва доцентлар жалб этилиб, вилоятнинг чекка қишлоқларида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
«Аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган ушбу икки кунлик тарғибот тадбирида 20 мингдан ортиқ аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишни мақсад қилганмиз, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси амбулатор поликлиника хизмати бўйича бош мутахассиси Абдулло Абиев. — Қолаверса, аҳолининг тиббий билим ва тафаккурини юксалтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида истироҳат боғларида ўтказиладиган тадбирлар орқали 100 мингдан ортиқ аҳолига тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориш режалаштирилган».
Тиббий кўрикларни ўтказиш учун Тошкентдан ташриф буюрган нуфузли мутахассислар ҳар бир туман ва шаҳар марказий поликлиникаларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни амалга оширмоқда.
Шунингдек, ёшлар иштирокида югуриш марафони ҳам ташкил этилди. Ушбу марафонда икки юздан ортиқ ёш иштирок этди.
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти Самарқанд вилоят бўлинмаси томонидан ташкил этилган «Саломатликни тарғиб қилиш кунлари» тадбирлари доирасида хирургия, неврология, урология, кардиология, травматология, педиатрия, акушер-гинекология, офталмология йўналишларидаги етук мутахассислар кўригидан ўтмоқда. Ҳар бир туман маркази истироҳат боғларида махсус павилонлар ташкил этилиб, улар УТТ, ЭКГ каби замонавий аппаратлар ва лаборатория таҳлил воситалари билан жиҳозлангани эътиборга молик.
Изоҳ (0)