Манзура Бекжонова Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ваколатли вакили Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов билан Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган «Мақом» халқаро форуми хусусида суҳбат уюштирди.
Отабек Олимжонов форум олдидан амалга оширилаётган ишлар ва умуман воҳада сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
— Айни кунларда Шаҳрисабзда «Мақом» халқаро форумига қизғин тайёргарлик олиб борилмоқда. Форумда иштирок этиш истагини билдирган давлатлар сони шу кунгача 70 дан ошиб кетди. Ҳамон ташриф аризалари келишда давом этмоқда. Шаҳарда қурилган барча иншоотлар фестивалдан кейин ҳам бўш турмайди. Сайёҳлик марказининг аввалги буюклигини қайтариш, Шаҳрисабз Бухоро, Самарқанд, Хива каби сайёҳлар билан гавжум шаҳарлар қаторида туриши учун бир қанча улкан тадбирлар амалга оширилди ва бунинг асосий қисми мақом форумига тайёргарлик билан боғлиқдир.
— Сўнгги пайтларда олиб борилган қурилиш-ободончилик ишлари самарасида шаҳар қай даражада ўзгарди?
— Биринчидан, шаҳарнинг тарихий Арк сақланиб қолган қисми — Амир Темур саройида кенг кўламда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Унинг атрофидаги ҳудуд кенг миқёсдаги маданий тадбирларни ўтказиш мумкин бўлган кўркам майдонга айлантирилди. Хусусан, «Мақом» халқаро форуми кунларида ташриф буюрувчилар нафақат амалий санъат усталарининг ижод намуналари, балки уларни тайёрлаш жараёни билан танишиш имконияти мавжуд бўлган этнографик шаҳарни кўради. Айнан шу ерда Ўзбекистондаги ҳар бир вилоятнинг ўзига хос туристик салоҳиятини намойиш этадиган кўргазмалар ташкил этилади.
Бу йил фестивалга тайёргарлик кўриш учун шаҳарда учта, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида иккита замонавий меҳмонхона барпо этилди. Шунингдек, форумга тайёргарлик жараёнида 11 та ресторан очилди. Улар барча замонавий стандартларга жавоб беради.
Фақат ўтган ойда шаҳарда 60 та меҳмон кутиш уйи ўз фаолиятини бошлади. Шундай қилиб, 60 оилани тадбиркорликка жалб қилдик, туризм инфратузилмасини ривожлантиришни режалаштирдик.
Шу билан бирга, Темир йўл электрлаштирилди: биринчи тез юрар Афросиёб поезди қатнови 10 сентябрдан йўлга қўйилади. Самарқанддан Шаҳрисабзгача бўлган энг қисқа йўналиш бўйича сиғими 16 кишига мўлжалланган микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси сайёҳлар учун қулайлик яратади.
Изоҳ (0)