Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкентда атоқли белорус адиби ва жамоат арбоби Якуб Колас хотирасини ёд этиш ва унинг бюстига гул қўйиш маросими ўтказилди, деб ёзади ЎзА.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Тадбирда таниқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият, санъат намояндалари, адабиёт соҳаси вакиллари, ёшлар, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари, Тошкент шаҳридаги «Свитанак» белорус маданият маркази аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Якуб Коласнинг хотираси ёд этилиб, юксак ҳурмат кўрсатилди. Адиб ижодий фаолияти мисолида ўзбек ва белорус адабий алоқаларининг келгуси истиқболига эътибор қаратилди.

Назм, наср, драматургия, адабиётшунослик, бадиий публицистика жанрларида бирдай баракали ижод қилган Якуб Колас ҳам белорус адабиётининг ёрқин вакилларидан бири ҳисобланади.

Якуб Колас ҳаётида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган 1941—1943 йилларда у ўзи фаолият кўрсатаётган Беларусь Фанлар академияси таркибида Тошкентга кўчиб келиб, икки йилдан зиёдроқ вақт оиласи билан шу ерда яшаган. Бу даврда Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода сингари ўзбек адабиёти вакиллари билан мустаҳкам ижодий ҳамкорлик ўрнатади.

Тошкентда яшаган вақтида адиб «Ўз яқинларимга», «Рим – Берлин ёйида», «Она ер ҳимоячиларига», «Курашувчи халққа», «Ер овози» каби ўнлаб шеърлар, «Душман билан учрашув», «Доя Таня», «Разведкада» қиссаларини ёзади.

Бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда Якуб Колас ижодига қизиқиш юқори. Мамлакатдаги адабий нашрларда унинг асарлари мунтазам чоп этиб келинмоқда. Якуб Коласнинг бюсти пойтахт марказидаги Шаҳрисабз ва Шевченко кўчалари чорраҳасидаги сўлим хиёбонда ўрнатилгани ҳам унинг ижоди, шахсиятига бўлган улкан ҳурмат ва эҳтиромнинг яққол намунасидир.

Изоҳ
Асосий янгиликлар