Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Бугун, 28 август куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Индонезияда бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон шанини ҳимоя қилган Мудофаа вазирлиги спорт клуби таэквондочилари тантана билан кутиб олинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган Осиё ўйинларида таэквондо спорт тури бўйича Мудофаа вазирлиги Спорт клуби аъзоси Никита Рафалович (-80 кг вазн тоифасида) олтин медални қўлга киритди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Дмитрий Шокин (+80 кг) ва Ниёз Пўлатов (-58 кг вазн тоифасида) эса бу сафар кумуш медалга лойиқ топилди.

Шунингдек, -67 кг вазн тоифасида яна бир армия спортчиси Нигора Турсунқулова ярим финалга қадар етиб бориб, финал йўлланмаси учун Жанубий кореялик Ким Жандига қарши жанг олиб борди ва мағлубиятга учраб, бронза медалига эгалик қилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тантанали кутиб олиш маросимида Мудофаа вазирлиги спорт клуби масъул офицерлари, спорт федерациялари вакиллари, спортчи ёшлар ҳамда ғолиб ва совриндорларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси ҳарбий оркестри жамоаси ўз куй-қўшиқлари билан тантанага байрамона тус бағишлади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидлаш жоизки, XVIII ёзги Осиё ўйинларида Мудофаа вазирлиги спорт клубининг 50 нафар спортчиси спортнинг 11 тури бўйича, хусусан, жиу-жицу, кураш, бокс, таэквондо, енгил атлетика, каноэ ва байдаркада эшкак эшиш, оғир атлетика, дзюдо, отиш, теннис, трамполин каби спорт турлари бўйича қатнашмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар