2018 йил бошида бир гуруҳ шахслар Тошкентда банкоматни бузиб, ичидаги пулларни ўғирлаб, сўнг қурилманинг ўзини жарга улоқтиргани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. ЎзАнинг хабар беришича, куни кеча жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида шу жиноят иши кўриб чиқилган.
Маълум бўлишича, Тошкентда яшовчи уч йигит 2017 йил 31 декабрь куни тонгда Шайхонтоҳур туманидаги Оливе ресторани олдига келиб, у ердаги «Капиталбанк»нинг салкам 29 миллион сўмлик банкомати ичидаги 848 минг сўм пулни ўғирлаган.
Кўп ўтмай, улар 2018 йилнинг январь ойи бошида Олмазор тумани Қорасарой кўчаси «Қорасарой» автобус бекатидаги қиймати 24 миллион сўмлик банкоматни машинага ортиб, қочишади. Банкоматдаги 4,4 миллион сўмни ўзаро бўлишиб, қурилманинг ўзини Чилонзордаги каналга ташлаб юборишади.
«Суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди. Ҳужжатлар ўрганилиб, тўпланган далиллар яна бир бор кўздан кечирилди. Жиноят исботини топди. Уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди», — дейилади ЎзА ахборотида.
Бироқ судланувчиларга айнан қандай жазо тайинланганига аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)