«Челси» ва «Реал» клублари Тибо Куртуа трансфери борасида келишувга эришди. Бу ҳақда лондонликлар расмий сайти маълум қилди.
Бельгиялик дарвозабон бугун Мадридда тиббий кўрикдан ўтади ва «Сантьяго Бернабеу»да таништирилади.
Куртуа «Реал» билан 6 йиллик шартномага имзо чекади. Лондонликлар мазкур трансфердан 40 миллион евро атрофидаги маблағга эга бўлади.
«Челси», шунингдек, «Реал»нинг хорватиялик ярим ҳимоячиси Матео Ковачични бир йилга ижарага олди.
Маълумот учун Куртуа «Челси»га 2011 йилда «Генк»дан келиб қўшилган эди. 3 мавсумни эса ижара асосида «Атлетико Мадрид» клубида ўтказган. Лондон клуби сафидаги дебютини эса АПЛнинг 2014/15 йилги мавсумида нишонлаган.
Тибо «Челси» билан Англияда 4 та соврин — 2 марта Англия чемпионлиги, 1 мартадан Англия кубоги ва Лига кубогини қўлга киритишга эришган.
«Реал» эса Матео Ковачични 2015 йилда «Интер»дан сотиб олган эди. Бу вақтда хорват мадридликлар билан 9 та соврин ютишга эришди. Аммо асосий таркиб ўйинчисига айлана олмади.
Изоҳ (0)