Актриса Фарангиз Режаметова 20 июль куни Тошкентнинг Абдулла Қодирий—Маҳатма Ганди кўчалари чорраҳаси яқинидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойини кесиб ўтаётган вақти уни Mercedes-Benz автомобили уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлганди. 30 июль куни автоҳалокат юз берган чорраҳага светофорлар ўрнатилди. ЎзА маълумотига кўра, бу светофорларни ўрнатиш ҳақидаги тегишли буйруқ аслида 4 июль куни — Фарангиз Режаметова иштирокидаги ЙТҲ юз беришидан 16 кун аввал чиқарилган.
Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати томонидан ЎзАга тақдим этилган маълумотга кўра, Абдулла Қодирий—Маҳатма Ганди чорраҳаси яқинидаги пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатиш бўйича буйруқ Йўл ҳаракатини такшил этишни назорат қилиш бўлими томонидан 4 июль куни берилган, буйруқ тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган (ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати ҳужжатни ЎзА мухбирига кўрсатган).
Ҳужжатга кўра, 4 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракатини бошқарув, техник воситалар ўрнатиш ва фойдаланиш департаментига Абдулла Қодирий—Маҳатма Ганди чорраҳаси олдидаги пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатиш бўйича буйруқ берилган. Бироқ, светофорларни ўрнатиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилгани боис, ушбу чорраҳага фақат 30 июлга келибгина ҳаракатни тартибга солувчи уч чироқли қурилма ўрнатилган.
Маълум қилишларича, светофор ўрнатилиши керак бўлган жойлар шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан назоратга олинади, бироқ светофор ўрнатиш ишлари билан ЙҲХБ эмас, балки пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги тегишли департамент шуғулланади. Шу боис, ЎзАнинг қайд этишича, «бахтсиз ҳодисадан 26 кун аввал светофор ўрнатишга буйруқ берган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ 20 июлда содир бўлган актрисанинг ўлимида ўзини айбдор эмаслигини айтмоқда».
Изоҳ (0)