Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар шахсини тасдиқлаш ҳамда нақд пул шаклидаги тўловларни автоматлаштириш мақсадида пенсионерларнинг электрон гувоҳномасини (ID-card) жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълум қилди.
Шунингдек, 2018 йил якунига қадар корхоналар пенсионерни ишга қабул қилганлиги тўғрисида Пенсия жамғармасига фақат электрон шаклда хабар юбориш имкониятини яратиш орқали қоғоз шаклида маълумот алмашинувидан буткул воз кечиш режалаштирилган. Амалдаги қонунчилик талабларига асосан пенсионер ишга қабул қилинганда корхона раҳбари 5 кун ичида Пенсия жамғармасига буйруқ нусхасини тақдим этиши ва иш жойидан пенсия тўловини амалга ошириши шарт.
Бундан ташқари, 2018—2019 йилларда «Электрон ҳукумат», Суғурта бадали тўловчиларнинг шахсий ҳисобини юритиш базаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотлар базаси билан ахборот алмашинувларини йўлга қўйиш орқали келгусида масофавий тарзда (жамғармага келмасдан) ариза бериш орқали пенсия ва нафақаларни тайинлаш имкониятини яратиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, жорий йил 1 июнидан бошлаб пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори тўғрисидаги маълумотларни давлат хизматлари марказлари орқали олиш мумкин.
Изоҳ (0)