Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича ҳудудларнинг сектор раҳбарлари бошчилигида амалий семинар ташкил этилди, деб хабар беради «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев.
Мактаб директорлари, ўқув ишлари бўйича ҳамда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарлари иштирок этган тадбирда барча таълим муассасаларини жорий йилнинг 15 август кунига қадар янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича зарур чора тадбирлар белгиланди.
Ўтказилган семинарда умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги қандай тартибда бўлиши ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Семинарда Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов таълим муассасаси раҳбарларининг мактабдаги муаммоларини эшитиб, уларга имкон қадар амалий ёрдам беришга ваъда берди. Шаҳар ҳокими мактаб раҳбарларига таълим муассасасини янги 2018—2019-ўқув йилига тайёрлаш бўйича таълим муассасини ободонлаштириш, махсус фан ва лаборатория хоналарини Халқ таълими вазирлиги томонидан берилган тавсиялар асосида жиҳозлаш кераклигини билдириб ўтди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумида ортиқча муаммо юзага келмаслиги мақсадида иссиқлик тизими ҳолатини яхшилаш, электр тизимларини талаб даражасига келтириш, ҳожатхона, ошхона, синф хоналарини тайёрлаш, мактаб меъёрий ҳужжатларини тартибга келтириш, ёнғин хавфсизлик бурчагини тўлиқ таъминлаш ишлари бўйича аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди.
Изоҳ (0)