25 июль куни Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этиш учун Вашингтон шаҳрига келган Ўзбекистон Республикаси делегацияси АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида ҳар тарафлама Ўзбекистон—Америка мулоқотини ривожлантириш нуқтайи назаридан Ўзбекистон ва АҚШ парламентарийлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон раҳбари билан учрашган конгресменлар гуруҳи таркибида бўлган Трент Келли Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлардаги ижобий тенденцияни қўллаб-қувватлашга қизиқишини тасдиқлади.
Конгрессмен Ўзбекистон ва АҚШ, жумладан ўзи сайланган Миссисипи штати ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Истиқболли йўналишлардан бири сифатида пахтачилик, қишлоқ хўжалигига кадрлар тайёрлаш ва қўшма тадқиқотлар ўтказиш қайд этилди.
Музокаралар давомида алоҳида эътибор парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштиришга қаратилди. Конгресс делегациясининг Ўзбекистонга 2017 йил ноябрдаги ташрифига раҳбарлик қилган конгрессмен Трент Келли Ўзбекистон ва АҚШ парламентлари ўртасидаги ташрифлар алмашинуви амалиётини давом эттириш, шунингдек, икки мамлакат қонунчилик органларида дўстлик гуруҳларини яратиш орқали долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Изоҳ (0)