2017—2018 йилларда диний экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлган ва назорат рўйхатига олинган 2 273 нафар шахс тўлиқ реабилитация қилиниб, махсус рўйхатдан чиқарилди. Шу жумладан, 17—20 йил мобайнида озодликдан маҳрум бўлган 181 нафар фуқаро ўз оиласи бағрига қайтди, деб ёзади ЎзА.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишга жойлашишда ёки янги тадбиркорлик фаолиятини бошлашда уларга молиявий ёрдам кўрсатган шахсларга Ҳажга навбатсиз боришда ёрдам кўрсатилиши белгиланган эди. Ана шундай фуқаролардан бири қамоқ жазосини ўтаб қайтган икки нафар фуқарога молиявий ёрдам кўрсатди.
Юнусобод тумани, «Юнусобод» маҳалласида истиқомат қилувчи Нозимбек Ҳакимовга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун дастлаб 15 миллион сўм миқдорида маблағ зарур эди. Шунингдек, Учтепа тумани, «Хуршид» маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳикмат Аҳмедов сартарошлик касбини давом эттириш мақсадида зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 3 миллион сўм маблағда ёрдам беришни сўраган. Мазкур вазиятдан хабар топган фуқаро (исмини сир тутишни маъқул кўрган) ўз хоҳиши ва ташаббуси билан уларга ёрдам кўрсатди.
«Ҳамюртларимиз орасида савобли ишларга бош қўшадиган инсонлар кўп. Вақтида турли сабаблар билан адашиб ёт оқимларга қўшилиб қолган фуқаролар бугун афв этилиб ёки жазо муддатларини ўтаб ижтимоий ҳаётга қайтмоқда. Улар ижтимоий ҳаётимиздан чеккада қолиб кетишлари керак эмас. Уларга ҳаётда ўз йўлларини топишда, ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш аслида барчамизнинг вазифамиздир», — дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов.
Изоҳ (0)