Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг филиалларида 2018—2019-ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилди.
Университет ва унинг филиаллари таркибидаги академик лицейларнинг таълим дастурлари замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш асосида математика, физика, чет тили ва ахборот технологияларига оид фанлар чуқур ўқитилиши назарда тутилган ҳолда чиқилади.
Шунингдек, университетда фундаментал фанлар ва муҳандислик-техника фанлари соҳалари бўйича докторлик диссертациялари ҳимояларини ўтказишга мўлжалланган илмий кенгашлар очилади.
Кредит тизимида талабанинг маълум ўқув курсини ўзлаштириш даражаси турли мезонлар асосида белгиланадиган маълум миқдордаги кредитлар суммасини йиғишига боғлиқ бўлади.
Йиғиладиган умумий кредитлар талабанинг дарслардаги фаол иштироки, муайян ўқув курси давомида олинган тест натижалари, илмий изланишлар, оғзаки ва ёзма имтиҳонлар, амалиёт натижалари асосида белгиланади.
Изоҳ (0)