Ўзбекистон ва Қозоғистон Тошкент—Қизилўрда—Тошкент йўналиши бўйича янги халқаро автобус қатновини йўлга қўйди. Бу ҳақда «Ўзавтотранс» агентлиги матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
21 июлдан йўналиш бўйича биттадан Van Hool (Бельгия) йўловчи автобуси маҳаллий вақт билан 17:00 да Тошкентдан Қизилўрдага бориш учун йўлга чиқади. Автобуслар чегарани «Ғишткўприк» (Ўзбекистон) ва «Жибек Жоли» (Қозоғистон) назорат-ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтади.
«Тошкент» (Ўзбекистон) ва «Салтанат» (Қозоғистон) автовокзаллари рейсларнинг охирги тўхташ нуқтаси бўлади.Қатновларни Ўзбекистон томонидан Uzkaz Auto Trans ва Қозоғистон томонидан Тулпор-Байконур компаниялари амалга оширади.
Йўналиш масофаси 583 километрга тенг бўлиб, йўлга 10 соат-у 30 дақиқа вақт сарфланади. Йўл ҳақи Тошкентдан Қизилўрдага — 97 минг сўм, Қизилўрдадан Тошкентга — 3800 тенге.2018 йили Тошкент—Олмаота—Тошкент, Тошкент—Чимкент—Тошкент, Тошкент—Бишкек—Тошкент, Тошкент—Хўжакент—Тошкент йўналишлари бўйича тўртта доимий халқаро автобус қатновлари ташкил этилди.
Мазкур йўналишлар бўйича Ўзбекистондан кунига 400 йўловчи чиқиб, 420 йўловчи кириб келмоқда. Йўналишлар очилгандан буён шу вақтга қадар 40 мингдан зиёд йўловчи манзилига етказилган.
Ярим йил давомида республика автотранспорт воситаларида 504 миллион тонна юк ва 2,82 миллиард йўловчи ташилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 4,6 ва 12,2 фоизни ташкил этди.
Изоҳ (0)