Шу кунларда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ўзбекистонликлар кетаётган автобуснинг ёниб кетиши билан боғлиқ фожиа юзасидан суд мажлислари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Uz24 ёзмоқда.
Маълумот учун, 2018 йилнинг 18 январь куни Самара – Чимкент йўлининг 1068 километрида автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлган эди.
Ҳайдовчилар Барат Танатарова, Нуржон Қирғизбоев ва Мақсат Пернебековлар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Уларга 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Айни дамда Жиноят иши 52 томдан ошиб кетди. Фожиада 100 дан ортиқ одам жабрланувчи деб топилган.
Кейинчалик ҳайдовчилар билан бирга айбланувчилар курсисига механик Баҳодир Бердибоев ва автобус фирмаси директори Нурлибек Телепбоевлар ҳам қўшилган. Қонунга кўра носоз автобус ва ҳайдовчиларнинг нотўғри хатти ҳаракати учун улар ҳам жавоб беради.
Ҳайдовчилардан икки нафари — Нуржон Қирғизбоев ва Мақсат Пернебековлар ўз айбларини қисман тан олди.
Қирғизбоевнинг айтишига қараганда, ёнилғи қуйиш шохобчасида уларга сифатсиз (ёзги) солярка қуйишган. Қаттиқ совуқдан солярка музлаб қолган ва двигатель тўхтаган. Автобус салони тез совий бошлаган. Қирғизбоев йўловчиларга раҳми келиб оловли пайвандлагични ёқиб, салон ичига қўйган.
Ҳайдовчига кўра, улар йўлдан ўтаётган автобусни кўриб ундан ёрдам сўраш мақсадида автобусдан тушган. Шу вақт автобус ичида икки йўловчи орасида жанжал келиб чиққан ва уларнинг бири жаҳл устида оловли пайвандлагични тепиб юборган. Лампа қулаб тушиб салонда ёнғин бошланган. Лампани тепиб юборган йўловчи ёнғиндан қутулиб қолишга муваффақ бўлган, унинг оёғи куйган холос.
Ҳайдовчилар эшикни очганида салон ичидаги ёнғин янада кучайиб кетган. Йўловчилар автобуснинг иккинчи қаватида, юк биринчи қаватда экани, юк жуда кўп бўлгани туфайли йўловчилар автобусни тезда тарк эта олмаган. Автобус тўлиқ ёниб кетишига етти дақиқа вақт керак бўлган.
Адвокатлар иш Иргиз туман судида эмас, Ақтўбе шаҳар судида кўриб чиқилишини сўраган, лекин суд бунга рад жавоби берган.
«Ақтўбедан Иргизгача 600 километр, иккинчидан Иргизда жабрланувчилар ва суднинг бошқа иштирокчиларини жойлаштириш учун меҳмонхона ҳам йўқ», — деган адвокат Нуржамол Ажиғалиева.
Навбатдаги суд мажлиси 7 августга белгиланган.
Изоҳ (0)