Жорий йилнинг 18 август куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида Осиё ўйинлари бошланади. Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон делегациясининг байроқдори этиб Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби ҳисобланган боксчи Исроил Мадримов тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Боксчининг ўзи эса бунга қуйидагича муносабат билдирди.
«Бу ҳақда мураббийим интернет орқали ушбу хабар ҳаволасини юборганидан сўнг билдим. Мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Жудаям хурсандман. Бу мен учун катта шараф. Албатта, ҳар бир профессионал спортчи қаторида мен ҳам мамлакатим байроқдори бўлишни орзу қилардим, аммо кутмагандим. Чунки, бизда истеъдодли спортчилар етарли. Ўзимга билдирилаётган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Қаттиқ тайёргарлик кўриб, Осиё ўйинлари чемпиони бўламан», — деди Исроил Мадримов.
Маълумот учун 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган ХVII Осиё ўйинларида ушбу вазифа дзюдочи Ришод Собировга ишониб топширилганди.
Изоҳ (0)