10 июль, сешанба куни Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Тошкентда атоқли украин шоираси Леся Украинканинг ўзбек тилига таржима қилинган танланган асарлари тақдимотини ўтказди. Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирга ижодий соҳалар вакиллари, адабиёт ва шеърият намоёндалари, шунингдек, ихлосмандлар ташриф буюрди. Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юрий Савченконинг айтишича, Леся Украинканинг ижодида асосан 2 та йўналиш кўзга ташланади. Бу — ватанга бўлган муҳаббат ва ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан курашиш иштиёқи.
Тадбир давомида шоира асарлари, жумладан, уларнинг ўзбек тилидаги таржималаридан парчалар ўқилди.
Тадбирда Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юрий Савченко, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро алоқалар ва чет эл мамлакатлари билан дўстона муносабатлар қўмитасининг маданий марказлари ходимлари, журналистлар иштирок этди.
Изоҳ (0)