Ғузор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппаратига Ғузор тумани Халқобод қишлоғида яшовчи фуқаро Жарқин Ҳайдарова шикоят ариза билан мурожаат қилди. Мурожаатда туман электр таъминоти корхонаси масъул ходимлари хизматидан норозилигини билдирган, деб ёзади ЎзА.
Истеъмолчи электр энергия тўловларини ўз вақтида амалга ошириб келган, аммо корхона назоратчиси томонидан электр ҳисоблагич кўрсатгичи ортиқча киритилиши натижасида фуқаро хонадонига 2 129 089 сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланган.
Мурожаатда келтирилган ҳолатни бартараф этиш ва истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ғузор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари иштирокида ўрганиш ишлари ташкил этилди. Натижада истеъмолчи хонадонидаги электр ҳисоблагичнинг охирги кўрсатгичи 2329 кВт/с ни ташкил этган бўлса-да, туман Мажбурий ижро бюроси ходими Ш.Қўлдашевнинг ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани оқибатида ҳисоблагич кўрсатгичи 15370 кВт/с га ошириб кўрсатилган ва 2018 йил 5 март ҳолатида 2 129 089 сўм сунъий қарздорлик ҳисобланганлиги аниқланди.
Ишда тўпланган ҳужжатларга асосланиб, туман жамияти томонидан истеъмолчи манфаатини кўзлаб далилларга ҳуқуқий баҳо бериш ва аризачининг талабини қаноатлантиришини сўраб Ғузор туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди.
Суд қонун талабидан келиб чиқиб, шикоят аризасини қаноатлантиришни лозим топди ва қарор қабул қилди.
Суд қарорига кўра, аризачи Жарқин Ҳайдарованинг Ғузор туман электр тармоқлари корхонаси ходимларининг хатти-ҳаракати устидан берган шикоят аризаси қаноатлантирилди. Фуқаро абонент рақамига ҳисобланган қарздорлик ғайриқонуний деб топилди ва Мажбурий ижро бюроси Ғузор туман бўлими ҳамда Ғузор туман электр таъминоти корхонаси зиммасига фуқаро номига ҳисобланган 2 129 089 сўм қарздорликни бекор қилиш мажбурияти юклатилиб, Ғузор туман Мажбурий ижро бюроси ходими Ш.Қўлдошев ҳисобидан давлат фойдасига 172 240 сўм давлат божи ундирилди.
Изоҳ (0)