13 апрель куни давлат раҳбарининг фармонига асосан ҳудудларда туманлар (шаҳарлар) Адлия бўлимлари ташкил этилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Дарё»га Адлия вазирлиги маълум қилди.
Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги Адлия бўлимлари томонидан ўтган давр мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида 300 га яқин сайёр қабуллар ташкил этилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг 350 та мурожаатлари Адлия бўлимлари томонидан кўриб чиқилди. Шундан 77 таси қаноатлантирилди ва фуқароларнинг турли муаммоли масалалари юзасидан қабул қилинган 190 та мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган мурожаатлар кўриб чиқиш жараёнида.
Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга етказиш мақсадида Адлия бўлимлари томонидан 500 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан маҳаллаларда учрашувлар ўтказиш ва сайёр нотариал харакатларни амалга ошириш тизимли равишда давом эттирилиб, ўтган давр мобайнида 1 800 дан ортиқ сайёр нотариал харакатлар амалга оширилди.
Изоҳ (0)