Осиёда Ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш мамлакатларининг Миллий-маданий марказлари форуми доирасида Қозоғистон халқ ассамблеяси ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, дея хабар бермоқда «Казинформ».
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбоновнинг сўзларига кўра, меморандум аллақачон амалга оширилаётган ва олиб борилаётган ишларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди.
У ҳар икки мамлакатда қозоқ ва ўзбек тилларини ўқитиш масаласига алоҳида тўхталди. «Меморандумда Қозоғистонда ўзбек тилини, Ўзбекистонда қозоқ тилини ўқитишга ўзаро кўмаклашиш ҳақида айтилади. Бизда таълим қозоқ тилида олиб бориладиган 100 га яқин мактаб, қозоқ тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича учта факультет бор, Қорақалпоғистонда эса нафақат тилнинг ўзи ўргатилади, балки математика, физика ва бошқа фанлар бўйича қозоқ тилида дарс ўта оладиган педагоглар тайёрланади. Меморандум бу ишни кенгайтириб, уни янада бойитиш имконини беради», — деди Рустам Қурбонов.
Изоҳ (0)