Бугун, 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Севара Нишонова хабар бермоқда.
Қонуннинг мақсади – жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишига йўл қўймаслик, чекмайдиган фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ва тамаки тутуни билан ифлосланишнинг олдини олиш, чилим ва электрон сигареталар чекиш натижасида келиб чиқадиган касалликлар ҳамда гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишдир.
Қонунда «Чилим», «чилим учун тамакисиз чекиш аралашмаси», «чилим чекиш учун дамлама», «чилим учун чекиш тоши», «электрон сигарета» каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган, шунингдек чилим ва электрон сигареталарни чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойлари рўйхатига аниқлик киритилмоқда.
Қонун билан чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилишни чеклашга доир нормалар киритилмоқда, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш чораларини кўриш учун масъул бўлган шахслар ва уларнинг мажбуриятлари белгиланмоқда, чилим ва электрон сигареталар чекиш учун жамоат жойларида хоналар ва жойлар ажратиш, шунингдек жамоат жойларида чилимларни, чекиш аралашмаларини (чекиш масаллиғини, чекиш тошларини) фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланмоқда.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, бунда профилактик тадбирларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар (муассасалар), ташкилотлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг иштирок этишининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)