27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида тадбир ташкил этилди, деб ёзади ЎзА.
Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров журналистларни касб байрами билан қутлади.
«Оммавий ахборот воситалари ҳар доим жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган. Айниқса, кейинги икки йил ичида жамиятимизнинг барча соҳаларидаги янгиланишлар ва изчил ислоҳотлар шароитида ОАВларнинг фаолиятида ҳам янгича ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Яъни, бугун телевидениэ, радио, матбуот ва айниқса, интернет сайтлари нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар балки, халқимизни қийнаётган муаммоларни ҳам дадил олиб чиқаётгани ислоҳотларимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунга қарамай ҳали оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ролини янада кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш борасида ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас.
Жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ‘Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаъги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, журналистларнинг ҳуқуқлари тўла кўрсатиб берилди.
Шу билан бирга, келгусида оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий механизмларни яратиш зарур.
Қолаверса, бугунги кунда нодавлат оммавий ахборот воситаларининг тобора кенгайиб бораётган тармоғи фаолиятининг, муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳимоясининг, шунингдек, ахборот соҳасига бозор механизмларини жорий этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ҳам долзарб вазифалардан саналади», — деди Ўзбекистон «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров.
Тадбир якунида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг ғоя ва мақсадлари, амалга оширган ишларини кенг жамоатчиликка намоён этишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ журналистлар партиянинг қимматбаҳо совғалари ва ташаккурномаси билан тақдирланди.
Изоҳ (0)