Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мавжуд истироҳат боғи ҳудуди кенгайтирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, гулзор ва майсазорлар ташкил этилди. Боғ марказида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди, деб ёзади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур Ижодкорлар боғини бориб кўрди. Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гул қўйди.
Шоирнинг оила аъзолари, ёзувчи ва санъаткорлар билан суҳбатда адиб ижодини ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, шеърлари асосида қўшиқлар яратиш зарурлиги таъкидланди.
Боғда Эркин Воҳидов мемориал музейи, ёш ижодкорлар мактаб-интернати, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими биноси, 2 минг кишилик амфитеатр, Нуронийлар маскани ҳам жойлашган.
Президент мемориал музейдаги экспонатларни кўздан кечирди. Бу маскан ҳақиқий маънавият ўчоғи бўлиши кераклигини, бу ерга ўқувчи ва ёш ижодкорларни кўпроқ олиб келиш зарурлигини таъкидлади.
Президент Нуронийлар масканида меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди.
Изоҳ (0)