Велосипедда саёҳат қилаётган 70 ёшли қирғизистонлик Маҳмуд Тоштанов Тошкентга етиб келди, деб ёзади «Кабар». Унинг ташрифи муносабати билан Ўзбекистондаги Қирғизистон элчихонасида қабул маросими бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Велоспорт федерацияси вакиллари ва спорт фахрийлари қатнашди.
Тоштанов велосипедда Ўзбекистон бўйлаб саёҳати давомида унга илиқ муносабатда бўлишгани ва кўмак кўрсатишгани учун миннатдорлик билдирди.
«Марғилон, Қўқон, Жиззах, Самарқанд ва Бухорода бўлдим. Манас қишлоғига бориб, этник қирғизлар билан мулоқотда бўлиш менга завқ бағишлади. Ҳақиқатан ҳам, Манас қишлоғида қулай яшаш ва ишлаш учун барча шароитлар яратилган», — деди Тоштанов.
Велосаёҳатчи келажакда ушбу велосипедда ҳаж сафарини уюштириш нияти борлигини, Ўзбекистон бўйлаб ушбу саёҳат ўзига хос тайёргарлик бўлганини қайд этди.
Аввалроқ Ўзбекистон бўйлаб велосипедда саёҳат қилаётган қирғизистонлик Маҳмуд Тоштанов Самарқандга келгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)