Ўзбекистонда автомобиллар ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ҳақидаги оммавий мурожаат «Менинг фикрим» порталида 10 мингдан зиёд овоз тўплади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги эслатиб ўтмоқда.
Энди мавжуд тартибга асосан мазкур мурожаат Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилиши ва 60 кун ичида тегишли қарор қабул қилиниши лозим.
Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда мазкур масала ўрганиб чиқилмоқда. Ваколатли орган томонидан тегишли қарор қабул қилинмагунга қадар автотранспорт воситаси ойнасини қорайтириш мумкин эмас.
Амалдаги автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентга мувофиқ, барча транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойнасининг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши керак.
Ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситаларининг орқа ойнасида ҳар икки томонда орқа томонни кўрадиган ташқи кўзгу мавжуд бўлган тақдирда пардалар, шунингдек чий пардалар ва дарпардалар бўлишига йўл қўйилади.