Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида «Smart kids Олтиариқ» янги нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё»нинг Фарғонадаги мухбири хабар берди.
Собиқ 44-мактабгача таълим муассасаси биноси шу кунгача қаровсиз қолиб, харобага айланган эди. Бино тадбиркор Муҳаммаджон Абдураҳмоновга хусусий боғча фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида «ноль» харид қийматида берилди. Қисқа фурсатда 3 миллиард сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди ва қўшимча иншоотлар қурилди.
Хорижий тилларга ихтисослаштирилган ушбу болалар боғчаси 210 ўринга мўлжалланган. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун спорт зали, мусиқа хонаси, замонавий ошхона, ўйин майдончаси, кичик бассейн, кутубхона, ёзги айвончалар мавжуд. Барча хоналар замонавий юмшоқ мебель ҳамда ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланди.
Бу ерда болаларга йўл ҳаракати қоидалари инновацион лойиҳа асосида ўргатилади. Муассасанинг машғулотлар майдонида махсус автодром бўлиб, унда болалар кичик машиначаларни бошқариш, табиий ишлаб турадиган светофорлар ёрдамида пиёдалар йўлакчасидан кесиб ўтиш каби амалий ҳаракатлар орқали йўл қоидалари бўйича илк кўникмаларни олади.
Боғча ўзига хос smart-синфга эга. «Билимдон» компьютер дастури ўрнатилган кўргазмали воситалар тарбияланувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстиришга хизмат қилади.
Муассаса мудираси Дилдора Отақўзиеванинг маълум қилишича, тез орада барча хоналар замонавий рақамли видеокузатув ҳамда қайд этиш камералари билан жиҳозланади. Шу орқали таълим-тарбия жараёни тўлиқ назоратга олинади.