Ўзбекистон Бош прокуратурасида бош прокурори Отабек Муродов ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Бош прокурор Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш соҳаларида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирларни қайд этиб ўтди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг кенг йўналишлари, жумладан, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши кураш ҳамда инвесторларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Элчи прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари, хусусан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Виолен де Вильмор Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқларга юқори баҳо берди.
Прокуратура ходимлари касбий тайёргарлигининг аҳамияти хусусида сўз юритилиб, меҳмонга Бош прокуратура ҳузуридаги Олий ўқув курсларининг Академия сифатида қайта ташкил этилганлиги маълум қилинди.
Франция элчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимлари учун Франция давлатидан соҳа мутахассислари, экспертларни жалб этган ҳолда биргаликдаги ўқув машғулотларини ўтказишга қизиқиш билдирди.
Шунингдек, икки давлат ўртасида ҳуқуқий соҳада шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан экстрадиция ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар тузиш зарурияти алоҳида таъкидланди.
Изоҳ (0)