Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт йўналишининг офталмология соҳасида ҳам давр талабига мос халқаро ҳамжамият тажрибасини ўрганиш ва илмий-амалий тажриба алмашиниш мақсадида 25–27 май кунлари «Катаракта ва рефрактив жарроҳлик» мавзуида уч кунлик халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда 300 дан ортиқ қатнашувчилар бўлиб, уларнинг ичида 145 дан ортиқ хорижлик мутахассислар — дунёнинг энг етакчи давлатлари тиббиёт институтлари ва клиникаларидан ташриф буюрган шифокор-офтальмологлар бор.
Конференция кун тартибида офтальмологиянинг катаракта ва рефрактив жарроҳлик йўналишида қўлга киритилган ютуқлари, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда мутахассис иш фаолиятида кузатиладиган ноёб ҳолатлар ҳақида муҳокамалар ўрин олган эди.
Уч кун мобайнида жами 80 га яқин маърузалар тингланди. Тадбирнинг иккинчи кунида хорижлик мутахассислар тарафидан оғир ҳолатли беморларга кўз микрожарроҳлик амалиётлари амалга оширилиб, улар конференция қатнашувчиларига онлайн тарзда трансляция қилинди. Бундай амалиёт Ўзбекистонда биринчи марта бажарилди.
Илмий-амалий конференция ташкилотчилари сифатида Туркия тарафидан «Туркий давлатлар офталмологлари жамияти», TIKA, Ўзбекистон тарафидан эса Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва Республика ихтисослашган илмий-амалий кўз микрожарроҳлик маркази иштирок этди.
Шунингдек, ҳомий ва ҳамкор ширкатлар сифатида мамлакатимизда фаолият юритаётган «Назар» кўз клиникаси ҳамда фармацевтик компаниялари молиявий, ташкилий масалаларда ўзларининг беғараз ёрдам ва ҳиссаларини қўшди.
Изоҳ (0)