Швециянинг Стокгольм университети олимлари томонидан аниқланишича, дам олиш кунларидаги давомли уйқу нафақат иш кунларидаги уйқу етишмаслигини тўлдиради, балки вақтли ўлим хавфини ҳам камайтиради. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Тадқиқотда 38 минг киши иштирок этган. Уларнинг барчаси иш ва дам олиш кунларида уйқунинг узоқлиги ҳақида маълум қилган.
Кўнгиллиларни кузатиш ишлари 13 йил давом этган. Олимлар суткада беш, олти ва етти соатдан кам ухлайдиган кишилар орасида ўлим даражасини аниқлашга уринган.
Шунингдек, тана вазни индекси, алкоголь истеъмоли ва чекиш, жисмоний фаоллик каби омиллар ҳам ҳисобга олинган.
Якунда уйқу етишмаслигидан азият чекувчи 65 ёшгача бўлган кишилар орасида вақтли ўлим хавфи 65 фоизга ўсгани қайд этилган. Бунда улар уйқу етишмаслигини дам олиш кунларида тўлдирган тақдирда, уларнинг кўрсаткичлари назорат қилинаётган гуруҳникига тенг бўлиши аниқланди.
Изоҳ (0)