Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида 81 ёшли фахрий ўқитувчи Худойберди Мамадалиев ёш ўқитувчиларга кимё фанидан дарс ва лаборатория машғулотларини қандай олиб бориш кераклиги бўйича «Маҳорат дарси» олиб борган. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳарда 4 та йўналиш — филология, аниқ, табиий ва гуманитар фанлар бўйича таянч мактаблари белгиланган. Мактабларда олий таълим муассасалари ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари билан ҳамкорликда устоз-шогирд анъаналари йўлга қўйилган.
Жарқўрғон туманидаги 12-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати кимё фанидан туман миқёсида таянч муассаса сифатида белгиланган. Узоқ йиллар кимё фанидан сабоқ берган Худойберди бобо Мамадалиев дарсни қизиқарли ўтиш, амалий машғулотларни олиб бориш, ўқувчилар билан ишлаш бўйича 12-сонли мактаб-интернатда ёш ўқитувчилар учун маҳорат дарсларини олиб бормоқда.
Айни пайтда туманда 5 нафар 80 ёшдан ошган фахрий ўқитувчи ёш педагоглар билан устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришда ҳамкорлик қилмоқда.
Изоҳ (0)