24 май, пайшанба куни Ўзбекистон Адлия вазирлигида блогерлар ва журналистлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Xabar.uz» маълум қилди.
Адлия вазири Руслан Давлетов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Блогер Санжар Саид ишлаб чиқилаётган ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган қонун лойиҳалари нега фақат рус тилида экани ҳақида савол берди:
— Ўзбекистонда қабул қилинадиган қонун лойиҳалари давлат тили ўзбек тили бўлишига қарамасдан, нега доимо рус тилида чоп қилинади? Аксарият аҳоли бу қонун лойиҳаларини тушуна олмайди. Бу қонун ижодкорлигида муаммо бордек тасаввур уйғотади.
— Авваллари давлат томонидан қабул қилинадиган қарорлар, ҳужжатлар доим рус тилида бўлар эди, — дея изоҳ берди Руслан Давлетов. — Биз бу муаммога барҳам бердик. Ҳозирда барча давлат ҳужжатларини ўзбек тилида топиш мумкин. Энди қонун лойиҳаси масаласига келадиган бўлсак, бу бевосита мазкур лойиҳани тайёрлайдиган ходимлар билан боғлиқ. Бизда қонун лойиҳаларни тайёрлашга масъул бўлган турли миллатга мансуб ходимлар ишлайди. Бундан ташқари, қонун тили сўзлашув тилидан фарқ қилади, у мураккаб. Бир нарсани тан олиш керак, бу ҳолатга ўзимиз ҳам йиллар давомида эътиборсиз қараб келдик ва бу — бизнинг айбимиз. Лекин кейинги йилларда давлат тилига ҳам эътибор қаратилмоқда ва келажакда бу муаммо бутунлай бартараф этилади.
Изоҳ (0)