Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида коллеж ўқувчиси собиқ синфдошини пичоқлаб ўлдириб қўйди, дея хабар бермоқда вилоят прокуратураси расмий сайти.
Воқеа 2018 йил 23 май куни тунги соат 02:30 ларда юз берган. Бекобод шаҳар Енгил саноат ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси А.А. ўзи билан муқаддам бир синфда ўқиган синфдоши, Бекобод туманида истиқомат қилиб, Бекобод шаҳар Техника-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида таҳсил олган Ш.Э.нинг уйига бориб, уни ҳақорат қилган.
Юзага келган ўзаро тортишув оқибатида Ш.Э. ошхона пичоғи билан собиқ синфдошининг кўкрак қисмига беш маротаба уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда А.А. воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган коллеж ўқувчисига нисбатан ЖКнинг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, белгиланган тартибда ушланган.
Ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари вилоят прокурорининг ўринбосари, Бекобод туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари томонидан шу куни гумон қилинувчи ва жабрланувчи таҳсил олаётган коллежлар ўқитувчи ва ўқувчилари ўртасида танқидий муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)