Ўзбекистонда бўлиб турган Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Хоразм ва Тошкент вилоятларида бўлиб, «Хавфсиз туризм» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Рамазон Раҳимзода Хоразм вилоятига ташрифи давомида Хива шаҳридаги Нуриллабой мажмуасида бўлди. Меҳмонга Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси тизимидаги «Эзгулик патрули» ва отлиқ патруль хизматлари фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги «Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу хизмат хорижий тилларни биладиган малакали ходимлардан таркиб топган.
Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасининг хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси таркибида фаолият кўрсатувчи эзгулик патруллари Урганч ва Хива шаҳарларида жамоат тартибини сақлаш, хорижий сайёҳларга зарур хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади. Бунинг учун улар замонавий алоқа воситалари ва хизмат анжомлари билан таъминланган.
Тожикистон ички ишлар вазири Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида «Хавфсиз туризм» дастури доирасида татбиқ этилган лойиҳалар билан ҳам танишди. Меҳмонга мамлакатга келган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар учун замонавий шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Изоҳ (0)