Ноодатий ихтиролари билан танилган нукуслик тадбиркор Рашид Қартбаев энди саҳро қўйнига тарвуз эка бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
7 сотих ерда 70 тонна тарвуз етиштиришни режалаштираётган Рашид Қартбаев энди бепоён саҳро бағридан ҳам унумли фойдаланиш мумкинлигини исботламоқчи. Муҳими шундаки, тажриба синовлари дастлабки натижаларини бера бошлади.
Бу усул қандай амалга оширилаётгани билан қизиқдик.
— Бунинг йўли оддий: қум ва табиий ўғит аралашмаси челакка ва халтага жойлаштирилиб, ерга кўмилади ва устидан сув қуюлади, — дейди тадбиркор Р.Қартбаев. — Қумни уч жойдан танлаб олдик. Дарёнинг ултонидан, саҳро қуми ва оддий тўпроқ. Энг яхши натижа бераётгани – дарёнинг ултонидаги қум бўлиб чиқди. У сув ва ўғитни кам талаб қилади ҳамда ўсимлик 3 кун ичида бўй кўрсатяпти.
Маълумот учун, Рашид Қартбаев Кегейли туманининг Жузимбоғ қишлоғида 32 гектар майдонда тарвуз экишнинг яна бир усулини синовдан ўтказмоқда.
Изоҳ (0)