Европа ҳисоб палатасининг хабарларига қараганда, Европа иттифоқида қонуний яшайдиганларнинг 18 фоизи, яъни 90 миллион киши — биринчи ё иккинчи авлод муҳожирлари. Бу ҳақда «Вестник Кавказа» хабар берди.
Аҳолининг 4 фоизи, яъни 21 миллион киши биринчи авлод қонуний муҳожирларидир. Агар иккинчи авлод муҳожирлари ҳам ҳисобга олинадиган бўлса, бу кўрсаткич 18 фоизни ташкил этади. Ҳисоб палатасининг маълумотларига қараганда, оммавий муҳожирлик мамлакатларнинг аҳоли таркибини ўзгартиришда давом этмоқда.
Европа Иттифоқи янги муҳожирларни қабул қилиб маълум қийинчиликларга дуч келаётгани маълум қилинган. Айтилишича, муҳожирлик йўли билан кўчиб келиб қочоқ мақомига даъво қилаётганлар сони ортиб бормоқда. Европа Иттифоқида фуқароликсиз яшаб келаётганлар 39 фоизни ташкил қилади.
Палата тадқиқотларида иккинчидан юқори авлод ҳисобга олинмаган. Ваҳоланки, Буюк Британия, Франция ва Германияга бир неча ўн йиллар давомида Шимолий Африка, Жанубий ва Кичик Осиёдан муҳожирлар кўчиб келган. Ҳисоботда, шунингдек, ноқонуний муҳожирлик ҳам эътиборга олинмаган. Аслида ноқонуний муҳожирлар сони катта, масалан, Буюк Британияда — миллиондан ортиқ.
Маълумотларга қараганда, муҳожирлик асосан 5 та мамлакатда кучайган: Германия, Испания, Франция, Италия ва Буюк Британия. Бу мамлакатларда Европа Иттифоқи муҳожирларининг 77 фоизи яшайди. Оммавий кўчиб келишга қарши курашган Венгрия ва Польшада муҳожирлар деярли йўқ.
Изоҳ (0)