Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Тошкентда яшовчи отахоннинг 4 нафар ўғли бор, у айни фарзандлар роҳат-фароғатини кўриб, умргузаронлик қиладиган ёшда. Бироқ мусофирликда юрган ўғиллари диний-экстремистик гуруҳга алоқадорликда гумон қилингани сабаб Ўзбекистонга қайта олмаётганларидан армонда эди. Бу ҳақда ЎзА мухбири Анора Содиқова ҳикоя қилмоқда.

Ушбу фуқаронинг икки нафар катта ўғли 2013 йилдан буён Туркияда савдо ишлари билан шуғулланиб келган. Маълум бўлишича, кичик ўғил кўчада қилган безорилиги сабаб ички ишлар идораси томонидан қўлга олинишидан чўчиб, Дубайга кетиб қолади. Кейинчалик у ердан Туркияга ишлагани кетади ва 2013 йилда акасини ҳам ёнига чақиради. Ака-ука у ерда тижорат билан шуғулланиб келган ва дам олииш кунлари Истанбулдаги ўзбекистонлик ҳамюртлари билан тамаддихоналарда йиғилишган.

Ҳамюртлар йиғилган вақтларида диний мавзуларда суҳбат қилганлар. 2015- йилга келиб, уларни таниган йигитлар Жиноят кодексининг 244-моддаси билан (диний экстремизмга алоқадорлик бўйича) Ўзбекистонда қўлга олинган. Улар шу икки йигит билан ҳамсуҳбат бўлганларини ҳам айтган ҳамда улар ҳақида яна бошқа кўрсатмалар ҳам берган.

Оқибатда тошкентлик ака-ука ҳам шу модда бўйича жиноят иши очилиб, улар қидирувга берилган. Ота олисдаги ўғиллари билан гаплашиб, уларнинг бу ишда айбдор эмасликларини айтиб, бир нечта жойга хат билан чиқиб, икки йилдан ортиқ овора бўлади. 2018 йилга келиб, акага афв эълон қилиниб, у Тошкентга қайтиб келади.

Афв этилган ака Тошкент халқаро аэропортидан тўғри уйга келганини, ички ишлар идорасига олиб кетилмаганини айтади: «2015 йилда менга нисбатан 244-модда бўйича иш қўзғалганини эшитиб, тўғриси, Ватанга қайтиш умидимни узган эдим. Аммо 2018 йилда Президент томонидан афв эълон қилинаётгани, бемалол юртимга қайтишим ва озодликда бўлишим мумкинлигини эшитиб, қувончим ичимга сиғмади. Ўша ердан туриб, афв сўраб хат ёздим. Бошимдан ўтганларни ёлғон аралаштирмай борини ҳикоя қилиб бердим. Мени авф этишди. Мусофирликда юртимни қаттиқ соғинган эдим. Мана, уйга қайтганимга 10 кундан ошди. Энди бу ерда янги бизнес бошлаш ниятидаман», дейди у.

Президент томонидан берилган афв сабаб бугун Тошкентлик отахоннинг фарзанди ёнида, келажакка режалар тузмоқда. «Агар кичкина ўғлимга ҳам афв эълон қилинса, у ҳам бағримга қайтарди. Унинг диний оқимларга алоқадорлиги бўлмаган», дейди ота.

«Отахоннинг ўғиллари каби тижорий иш билан хорижга кетиб, билиб-билмай диний экстремистлар домига тушиб қолган ёки улар билан алоқага киришиб, айбдорлар сафига қўшилиб қолган ҳамюртларимиз бугун афв сўраб юртимизга қайтмоқда. Қўли қонга ботмаган бўлса, афв этилади, ҳеч қандай терговларга тортилмайди. Қидирувда бўлиб, қайтган юртдошларимизга бугун имтиёзли уй олишда, ишга киришда ёрдам берилмоқда», дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов.

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар