Фарғона шаҳридаги Шарқий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган ижодий учрашувда Мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Азизбек Икрамов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими вакили Хурсаной Исломова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоира Энахон Сиддиқова, таниқли шоир ва ёзувчилар иштирок этди. Бу ҳақда мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур ижодий гуруҳ икки кун мобайнида Андижон, Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисмларга ҳам ташриф буюрди. Ижодкорлар ҳарбий қисм ҳудудидаги буюк аждодлар ва саркардалар ҳақидаги кўргазмали воситалар, маънавият хоналари, электрон кутубхоналар билан яқиндан танишди.
«Учрашув сўнгида аскарлар ўз ижод намуналаридан ўқиб, шоир ва ёзувчилар олқишига сазовор бўлди. Қалам аҳли билан устоз-шогирд анъаналарини жорий қилиш, ҳарбий қисмда ижод тўгараклари ташкил этиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди», — дейилади хабарда.
Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисмда ва «Фориш» тоғ дала ўқув майдонида ҳарбий амалий машғулотлар якунланганидан сўнг ҳарбийлар билан бадиий-ижодий кеча ўтказилди. Учрашувда Мудофаа вазирлиги масъул офицери М.Абилов, «Камолот кўзгуси» газетаси бош муҳаррири Б.Худойбердиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими мудираси, шоира М.Абдураҳмонова иштирок этди.
Шоир ва ёзувчилар томонидан шеърлар ўқилди. Миллий ва жаҳон адабиёти намуналаридан ватанпарварликни мадҳ этувчи парчалар тингланди. Ҳарбийлар томонидан «Мендурман ўшал» қўшиғи жўр бўлиб куйланди.
Изоҳ (0)