АҚШ президентни Дональд Трамп яқин ва ўрта масофага учишга мўлжалланган ракеталарни ликвидация (тугатиш) қилиш тўғрисидаги келишувни бузганлиги учун Россияга қарши санкцияларнинг янги пакетини тайёрлашни Оқ уйга буюрди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар берди.
Буйруқ матни Оқ уйнинг сайтида эълон қилинган.
Буйруқда давлат котиби Майк Помпео, миллий разведка раҳбари ҳамда молия, мудофаа, савдо-сотиқ вазирлари 2018 йилга мўлжалланган ҳарбий бюджет тўғрисидаги ҳужжатнинг 1244 «C» бандида кўрсатилган талабларни бажариши керак. Ҳужжат «Россияга қарши қўшимча санкцияларни киритиш режаси» деб номланган. Аслида режа Трамп томонидан тузилиши керак, бироқ у ўз ваколатларини вазирларга топширишга қарор қилган.
1244-бандга мувофиқ Россия мажбуриятларни бажармагани учун муайян шахсларга нисбатан чора кўрилиши ҳақидаги ҳужжатни президент ишлаб чиқиши ва конгрессга киритиши керак. Ҳужжатга асосан, Россиянинг келишувни бузишига олиб келган қарорлар учун масъул бўлган шахсларга нисбатан чора кўрилиши керак. Шунингдек, Россия ҳукумати вакилларига нисбатан ҳам санкциялар жорий қилиниши мумкин.
Ҳисоботда мажбурий чоралар татбиқ қилинадиган кишилар рўйхати келтирилиши лозим. Санкциялар АҚШдаги активларнинг блокланиши, мамлакатга киришнинг тақиқланиши, шунингдек, президент лозим топадиган ҳар қанақа чоралардан иборат бўлиши мумкин.
Аввалроқ, Bloomberg АҚШ молия вазирлиги Россияга нисбатан санкциялар жорий қилишга тайёр эканини маълум қилган.
Изоҳ (0)