Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактабида атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов минтақа тинчлиги, осойишталиги, келажаги ва равнақи, икки халқ ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида самарали фаолият олиб борган.
Ёзувчининг «Жамила», «Сарвқомат дилбарим», «Бўтакўз», «Биринчи муаллим», «Момо ер», «Сомон йўли», «Алвидо, эй Гулсари», «Оқ кема», «Соҳил ёқалаб чопаётган олапар», «Асрга татигулик кун», «Қиёмат», «Кассандра тамғаси», «Чўққида қолган овчининг оҳ-у зори» каби кўплаб асарлари дунёнинг қатор тилларига таржима қилиниб, китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.
«Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори улуғ адиб хотирасига кўрсатилган юксак эътибор намунасидир», — дейилади хабарда.
«Адибнинг бадиий баркамол асарлари гуманизм ва эзгулик ғоялари, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу сабабли унинг асарлари мамлакатимизда кўп минг нусхада нашр этилмоқда. Халқимиз бу асарларни ўзгача меҳр ва қизиқиш билан қарши олади», — дейди 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилдора Ғаффорова.
Маънавий-маърифий тадбир давомида ўқувчилар томонидан адибнинг «Асрга татигулик кун» асари асосида тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Изоҳ (0)