Тошкентда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг «Ёшлар қаноти» томонидан олий ўқув юртларининг турли йўналишларда илмий иш олиб бораётган ёш тадқиқотчилар иштирокида тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи, қолаверса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги вазифалар партиянинг ёш олимлар билан амалга ошираётган ишларини ҳам тубдан қайта кўриб чиқишини тақозо этаётгани таъкидланди.
Йиғилишда ЎзЛиДеП «Ёшлар қаноти» қошида доимий асосда фаолият юритувчи ҳамда бугун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдирига бефарқ бўлмаган, Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган ғояларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр ёш тадқиқотчиларни ихтиёрий асосда бирлаштирувчи «Ёш олимлар лига»сини тузишга қарор қилинди.
Ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг изланишлари натижаларини амалиётга жорий этишга кўмаклашиш, илмий ишланмаларини кенг жамоатчиликка етказишда яқиндан кўмаклашиш «Ёш олимлар лигаси»нинг муҳим вазифаларидан саналади. Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари билан доимий мулоқотни ташкил қилишга алоҳида урғу берилаётгани ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир доирасида 60 дан ортиқ ёш тадқиқотчиларнинг партия кўмагида чоп этилган иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар соҳаларига оид ишларини жамлаган илмий тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бундай мақолалар тўплами эндиликда «Ёш олимлар лигаси» шафелигида доимий равишда чоп этиб борилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)