Тошкент давлат стоматология институтида «Адолат» социал-демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг «Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Таъкидланганидек, партия фаоллари ва депутатларининг ўрганишлари натижасида бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда.
Ўтган йилдан эътиборан академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, жорий йилдан ушбу марказда мамлакат тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди. Эндиликда ушбу амалиёт Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси, академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кенг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда ўртача 100-150 та операция ўтказиш имконияти пайдо бўлди.
Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши – ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди.
Тадбир доирасида Тошкент давлат стоматология институтида ёш олимлар билан ишлаш амалиёти ҳамда уларнинг ташаббус ва таклифларини рўёбга чиқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)