Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) мухбири мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур билан зиёрат одоблари хусусида суҳбат уюштирди.
Мусулмонлар идораси томонидан «Қабрларни зиёрат қилиш одоби ҳақида» фатво қабул қилинган. Шайх Абдулазиз Мансур қабристон зиёрат қилиш вақтида нималарга эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтди.
Аввало, қабристонга кирилганда «Сизга салом бўлсин эй қабристон аҳли»,— дея салом берилади.Қабристон ёнидан ўтаётган киши, агар вақти бўлса, уловидан тушиб Қуръон тиловат қилиши ва унинг савобини марҳумларга бағишлаши лозим. Борди-ю, вақти зиқ бўлса, у ҳолда «Марҳумни Аллоҳ раҳматига олсин»,— дея фотиҳа қилиб ўтиб кетаверади.
Айрим кишилар шифо тилаб, бефарзандлар фарзанд талабида ёки бошқа ҳожатларини марҳумлардан сўраб, қабрларни тавоф қиладилар. Устун ва бурчакларни силаб, юзларини суриб, остонасини ўпадилар, нола қилиб: «Олдингизга умид билан узоқдан келдим, дуоларимни қабул қилинг»,— дея илтижо қиладилар. Бундай қилиш мумкин эмас.
Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш бидъат ва хурофот амаллардан. Бу ишларни қилган киши гуноҳкор бўлади. Ахир, ҳеч нарсага ярамайдиган оддий бир латтани дарахтга боғлаб, ҳожатим раво бўлади, дейиш мантиққа ҳам тўғри келмайди-ку.
Баъзи кишилар ҳожатларини рўёбга чиқишини сўраб қабристондаги дарахтларга, қабр панжарасига латта боғлайди.
Аллоҳдан бошқага атаб қурбонлик қилиш — катта гуноҳ. Жонлиқ сўйиш гоҳида икки ҳаром нарсани ўзида жамлайди: Аллоҳдан бошқа учун сўйиш ва Аллоҳдан бошқанинг номи билан сўйиш. Бу мақаддас сўйилган жонлиқнинг гўштини истеъмол қилиб бўлмайди.
Изоҳ (0)