Ўзбекистон солиқлардан келадиган тушумнинг катта қисмини маҳаллий бюджетларга қайтаришни кўзламоқда. Бу ҳақда Давлат молия тизимини такомиллаштириш концепцияси лойиҳасига таяниб, Sputnik хабар бермоқда.
Ҳужжатда бир қатор солиқлардан тушадиган тушумларни тўлиқ ҳажмда маҳаллий бюджетларга бириктириш таклиф қилинмоқда.
Улар орасида юридик шахсларнинг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, тадбиркорликнинг алоҳида турлари учун қатъий белгиланган солиқ, бензин, дизел ёқилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулк ҳамда ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер ва ерости қазилма бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ бор.
Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг даромад солиғини тенг миқдорда республика ва маҳаллий бюджетларга тақсимлаш ҳам режалаштирилмоқда.
Бунда маҳаллий бюджетларга тушадиган қўшимча даромадларни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)