Испаниялик журналист Паула Васкес 20 апрель куни Кабана-де-Бергантиньос муниципалитетида тасодифий вазиятни суратга олди. Сурат бир неча кун ичида вирусдек тарқалиб кетди, деб ёзади TJournal.
Васкес қишлоқ ҳудудидаги довул оқибатлари ҳақида репортаж тайёрлаётган эди ва маҳаллий фуқаро Долорес Лейс Антелодан суратга тушишни илтимос қилди.
Журналист суратни Instagram’га жойлаштирди, бироқ ундаги аёл АҚШ президенти Дональд Трампга жуда ўхшаш эканлигини хаёлига ҳам келтирмади. Суратга ижтимоий тармоқнинг минглаб фойдаланувчилари эътибор қаратди, Американинг Newsweek журнали эса Долоресдан интервью олди.
Долорес бу жойларда 40 йилдан ортиқ вақтдан буён яшаши ва бу вақт ичида унда компьютер ҳам, телефон ҳам бўлмаганлигини ҳикоя қилади.
«Ҳеч қачон смартфон олишни истамаганман, бироқ қизларим кўрсатган нарсаларни томоша қиламан. Бу сурат мени машҳур қилганини айтишди, бунинг сабабини тушунмаяпман. У тарқалиб кетган кўринади. Барчаси сочларимнинг ранги туфайли бўлса керак», — дейди Долорес.
Изоҳ (0)