Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида 19 апрелдан бошлаб тезликни ўлчовчи махсус автоматлаштирилган фоторадар ишга туширилди. Фоторадар А 373 «Тошкент—Ўш» автомобиль йўлининг 142-километрида «Қорахитой» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудига ўрнатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Фоторадар Тошкент вилоятининг автомобиль йўлларида йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ва инновацион техникаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Оҳангарон тумани ҳокимлигининг ташаббуси билан Тошкент вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кўмагида ўрнатилди.
Бугун, 19 апрелдан тезликни меъёридан оширган ҳайдовчилар аниқланмоқда. Қоидабузар транспорт воситалари эгаларига қонунчиликда белгиланган тартибда қарор чиқарилиб, яшаш манзилларига юборилади.
Йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчиларни аниқлашга мўлжалланган, автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари Тошкент вилоятининг бошқа асосий йўллари ҳамда шаҳар ва туманларида босқичма-босқич ўрнатилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, «Тошкент—Ўш» автомобиль йўлининг Оҳангарондан ўтган қисмида автоматлаштирилган фоторадар ўрнатилиши март ойида хабар қилинганди.
Изоҳ (0)