Бугун, 10 апрель — улуғ ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий туғилган кун.
Абдулла Қодирий 1894 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси Қодирбобо хон, беклар қўлида сарбозлик қилган, рус босқини пайтида Тошкент мудофаасида қатнашган. Отаси бошидан ўтган саргузаштлар Абдулла Қодирийнинг қатор асарлари, хусусан, тарихий романларининг юзага келишида муҳим роль ўйнаган.
Абдулла Қодирий мусулмон мактабида, рус-тузем мактабида, Абулқосим шайх мадрасасида таълим олди; Москвадаги адабиёт курсида ўқиди.
«Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрель сонида Абдулла Қодирий имзоси билан «Янги масжид ва мактаб» сарлавҳали хабар босилади. Бу бўлажак адибнинг матбуотдаги дастлабки чиқиши эди.
Орадан кўп ўтмай, унинг «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси чоп этилади.
Унинг энг машҳур асарлари «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари, «Обид кетмон» қиссаси ва бошқалардир.
Абдулла Қодирий, шунингдек, татар физик олими Абдулла Шуносийнинг «Физика», Гоголнинг «Уйланиш», Антон Чеховнинг «Олчазор» асарларини ўзбекчага таржима қилди. Қозонда босилган «Тўла русча-ўзбекча луғат»ни тузишда иштирок этди.
Қатағон йиллари у ёлғон айбловлар билан судланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган ва 1938 йили отиб ташланган.
Маълумотлар Wikipedia’дан олинди.
Изоҳ (0)