Ички ишлар органларида ишлаш орзусидаги Жиззах вилояти Бахмал туманида истиқомат қилувчи 23 ёшли шахс ниятига пора бериш йўли билан эришмоқчи бўлди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Бахмаллик йигитчанинг ниятидан хабар топган Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи бошқа бир шахс, унинг ишончига кириб, уни милицияга киритиб қўйишни ваъда қилган ва 2016 йил июнь ойида ундан 3500 доллар пул олган.
«Аммо кўп ўтмай Бахмал туманида истиқомат қилувчи фуқаро фирибгарнинг ширин сўзлари қурбони бўлганлигини англаб етди. Айни вақтда гумонланувчи 3500 доллар пулни қаерга ишлатгани юзасидан ички ишлар тергов бўлимида ҳисоб бермоқда», — дейилади ИИБ ахборотида.