Халқ депутатлари Бўз тумани Кенгаши сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлардан иборат гуруҳ томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ишлаб чиқариш тармоқлари, ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш натижалари, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Андижон вилоятининг Бўз туманида қарийб 68 минг аҳоли истиқомат қилади. Туманда аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, ўрганиш жараёнида бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, имкониятлардан етарли даражада фойдаланмаслик, айрим соҳаларга эътибор қаратмаслик ҳолатлари мавжудлиги аён бўлди.
Депутат ва сенаторлар асосий эътиборни биринчи галда ҳал этилиши зарур бўлган масалаларга қаратди.
Сессияда туманда тиббиёт соҳасидаги муаммолар, хусусан, патронаж ишларининг таҳлили йўқлиги, фойдаланилмаётган объектларга инвесторларни жалб этиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаётгани, саноат чиқиндиларини қайта ишлашда камчиликлар мавжудлиги таъкидланди.
Шунингдек, манзилли дастурга киритилган лойиҳаларга имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик каби қатор соҳаларни ривожлантириш бўйича имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилди. Айниқса, маданият ва истироҳат боғи, марказий стадион йўқлиги жиддий танқид қилинди.
Йиғилишда инфратузилма муаммолари, аҳолини иш билан таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини жонлантириш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини кенгайтириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сессияда белгиланган ишларни тизимли амалга ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур вазифалар белгиланди.