Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев Афғонистон коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Шаҳзод Гул Аробий ва «Афғон Телеком» компанияси раҳбари Ажмал Аянни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, юқори тезликдаги транзит алоқа каналларини ташкил қилиш, икки давлат тармоқ операторлари ўртасидаги халқаро телефон трафик сиғимини катталаштириш, халқаро интернет тармоғига юқори тезликда уланишни ташкил қилиш, АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш масалалари учрашувнинг диққат-марказида бўлди.
Қайд этилганидек, ушбу лойиҳалар нафақат алоқа, балки бошқа йўналишларда ҳам минтақавий ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилади.
Мазкур учрашув якунида томонлар истиқболдаги ҳамкорлик бўйича зарур меъёрий ҳужжатларни имзолашга келишиб олди.
Изоҳ (0)