Лондон метросида портлаш уюштирган ироқлик қочоқ Аҳмад Ҳасан Буюк Британияда умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. Бу каби қарорни Лондон Марказий жиноят суди қабул қилди, деб хабар берди «Корреспондент.net».
Ҳасан бир ҳафта олдин айбдор деб топилган бўлиб, у 34 йилдан сўнггина муддатидан олдин озодликка чиқиш имкониятига умид қилиши мумкин. 18 ёшли ироқлик фуқаронинг судда айтишича, у ҳеч кимга жароҳат етказишни истамаган ва ўз ҳаракатларини амалга ошираётган вақтда «стрессда бўлган» ҳамда «зерикишдан азият чеккан».
Шунингдек, Аҳмад Ҳасаннинг маълум қилишича, уни Ироқда ИШИД жангарилари ўғирлаб кетган ва ўз лагерларида жанговар машғулотларда қатнашишга мажбурлаган.
Ҳасан Британиядаги ўгай ота-онаси билан бирга яшаган ва Лондон яқинидаги коллежда ўқиган. Тергов маълумотларига кўра, 2017 йилнинг 15 сентябрида Лондоннинг Парсонс-Грин станциясида Ҳасан жойлаштирган бомбанинг бир қисми портлаган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)